Маҳорат дарслари



Хоразм вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида фаолиятга замонавий ёндашувлар ва илғор тажрибалар кенг жорий этилмоқда. Шу мақсадда марказда мунтазам равишда пойтахтлик малакали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ташкил қилинмоқда.
Навбатдаги амалий машғулотлар Тошкент врачлар малакасини ошириш институти анестезиология ва реаниматология кафедраси доценти Ҳилола Абдуллаева иштирокида ўтказилди.
Республика шошилинч тиббий тез ёрдам илмий маркази операцион блоки раҳбари, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Иван Викторович Фокин иштирокида ўтган маҳорат дарслари ҳам марказ ходимлари учун манфаатли ва самарали бўлди.
Маҳорат дарслари давомида оғир беморларга шошилинч ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, реанимация жараёнларида қўлланилаётган замонавий усуллар, анестезиология соҳасидаги янгиликлар бўйича амалий кўникмалар берилди.
Шунингдек, замонавий ултратовуш текшируви услублари, уларнинг ташхис қўйишдаги аҳамияти ҳамда амалиётда самарали қўллаш усуллари ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир давомида марказ шифокорлари ва тиббиёт ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар. Янги ва замонавий ташхислаш услублари амалиётда қўлланиб, уларнинг афзалликлари кўрсатиб берилди.
19-05-2026, 14:53
Sahifaga qaytish