


Вилоятимиз тиббиёт муассасалари хорижнинг етакчи тиббиёт марказлари билан халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамламоқда.📍 Яқинда Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт марказида Жанубий Кореядан ташриф буюрган етакчи кардиожарроҳлар иштирокида беморлар консультатив кўрикдан ўтказилиб, қатор мураккаб кардиожарроҳлик амалиётлари амалга оширилди.
❤️ Жумладан, катта ёшли беморларда юракнинг ишемик касаллиги бўйича муваффақиятли операциялар ўтказилди. Хусусан, юракка нормал қон оқимини тиклашга қаратилган маммарнокоронар ва аортокоронар шунтлаш амалиётлари бажарилди.
👶🩺 Шунингдек, туғма юрак нуқсони билан касалланган болаларга ҳам юқори технологияли жарроҳлик ёрдами кўрсатилди. Хусусан, ўпка веналарининг қисман аномал дренажи аниқланган чақалоқларда мураккаб операциялар амалга оширилди.
✅ Муҳими, барча жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли якунланди. Айни вақтда беморлар шифокорлар назорати остида бўлиб, уларнинг аҳволи барқарор экани қайд этилмоқда.
👏🇰🇷 Кореялик мутахассислар Оролбўйи ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт марказидаги шарт-шароитларни юқори баҳоладилар.
💬
— Марказ юрак-қон томир касалликларига тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида юқори салоҳиятга эга эканлигига гувоҳ бўлдик, — дейди кардиохирург Dr. Park Young Hwan. — Кадрлар салоҳияти доимий оширилаётгани, такомиллашган мониторинг тизими ва халқаро ҳамкорликнинг самарали йўлга қўйилганлиги муваффақиятлар гарови деб билдик.
🌐 Мутахассислар фикрича, халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинуви Ўзбекистонда юқори технологияли кардиожарроҳлик ёрдами имкониятларини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.