Меҳнатга эҳтиром ва эътироф




Бугун Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши ҳамда Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси вилоят бўлинмаси билан ҳамкорликда соҳа ривожида ўрта тиббиёт ходимлари ўрнига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.➡️Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Мурод Рахматуллаев олиб борди.
🎤Тармоқ касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси Равшан Шениязов, бошқарма бош ҳамшираси Бикажон Матжонова, Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Нодира Ибрагимова, вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази бош ҳамшираси Роза Аллаярова ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, тиббий хизмат сифатини оширишда ўрта тиббиёт ходимларининг ўрни ва масъулияти ҳақида фикр билдирдилар.
‼️Таъкидланганидек, бугунги кунда ҳамширалар нафақат шифокорнинг яқин кўмакчиси, балки бемор саломатлигини тиклаш, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат муҳитини яратишда муҳим ўрин тутаётган фидойи соҳа вакилларидир.
💐Тадбирда “Ҳамшира-2026” кўрик-танловида мутлақ ғолибликни қўлга киритган Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлими ҳамшираси Гуломдон Эркинова алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, турли кўрик-танлов ва номинацияларда ғолиб бўлган бир гуруҳ ҳамшираларга Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг ташаккурномалари топширилди.
🎁Бундан ташқари, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, кўп йиллик тажрибага эга бир гуруҳ фидойи ҳамширалар касаба уюшмалари ҳамда Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси томонидан ҳам тақдирланди. Тадбир иштирокчилари мазкур эътирофлар тиббиёт ходимларини янада самарали меҳнат қилишга руҳлантиришини таъкидладилар.
